Rotavirus vaksinanatsiya amaliyoti

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РОТАВИРУС ВАКЦИНАСИНИ АМАЛИЁТГА КИРИТИШ.

            ЖССТ маълумотларига кўра эмлаш тадбирлари самарали ҳар йили 2 -3 миллион аҳоли нобуд бўлиши олди олинади. Стандарт вакциналар календарга киритилиши натижасида юқумли касалликларнинг камайишига эришилди. Мисол учун 2001йилда Ўзбекистонда гепатитВга қарши эмлашнинг киритилиши натижасида гепатитВ билан касалланиш кескин камайтирилди. Юқумли касалликларнинг олдини олишда янги вакциналарнинг аҳамияти катта. Шундай вакциналардан бири ротавирус вакцинаси ҳисобланади. Ротавируслар болаларда оғир диареяларни келтириб чиқаради. ЖССТ олиб борган эпидемиологик кузатувлар 36% ҳолатларда ротавируслар билан боғлиқ. 2004 йилдан 2008 йилгача ротавирус инфекцияси 29% дан 37% гача кўпайди. Ҳар йили дунё бўйича ротавирус инфекциясидан нобуд бўлиш 453.000 ҳолатда рўйхатга олинмоқда. Ротавирус касалликлари ҳамда ундан нобуд бўлишнинг олдини олишда вакцина ягона восита ҳисобланади. Дунё бўйича иккита вакцина амалиётда ишлатилаяпти Rotarix (GlaxoSmittKline Biologicals, Rixensart, Бельгия) ва RotaTeq (Merck & Co.Inc., West Point, PA, США). Ушбу вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги амалиётда тасдиқланган. АҚШ, Франция, Филландия, Африка, Осиё, Австралия давлатларида ротавирус вакцинаси эмлаш календарига киритилган. ЖССТ маьлумотига кўра, гўдакларни ротавирус инфекциясига қарши режали эмлашлар болаларни шифохонага мурожаатини камайтирди. АҚШда ўтказилган текширувлар шуни кўрсатади-ки, вакцинация ротавирус инфекциясидан нобуд бўлишни 42% ҳолатга камайтиради, 75% шифохонага ётишнинг олдини олади ва 75% ҳолатда тез тиббий ёрдамга мурожаатнинг олдини олади. Ротавирус инфекциясига қарши вакцинанинг жадвалга киритилиши эпидемиологик вазиятни барқарорлашига олиб келади. Ўрта Осиё худудида, жумладан Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар билан 5 йил давомида ротавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик назорати олиб борилди. 2та маьмурий ҳудудда Бухоро шахар юқумли касалликлар шифохонасида ва Тошкент шахар юқумли касалликлар шифохонасида текширувлар ўтказилди. Шифохонага мурожаат қилаётган 5 ёшгача бўлган 10000 нафар болаларни ротавирус инфекциясига текширилди. Гастроэнтеритларнинг 26%и ротавирус инфекцияси эканлиги тасдиқланди. Қозоғистонда ушбу рақам 30%ни, Қирғизистонда 24%.ни ташкил этди. Ротавирус инфекциясининг 86%и 2 ёшгача болалар орасида рўйхатга олинаяпти. Ротовирус инфекцияси нима дегани? Ротовирус инфекцияси одам ва жониворларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар қўзғатади ва ошқозон-ичак йўлига зарар етказади, оқибатда ошқозон фаолияти кескин бузилади. Ротовирус инфекцияси қанчалик тарқалган? Жаҳон Cоғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 275 миллион ёш болалар ва катта ёшдаги кишилар диарея касаллигига чалинади ва уларнинг тахминан ярми ротовирус хасталиклари ҳисобланади. Масалан, АҚШда ҳар йили камида 3.5 млн. касалланиш холатлари қайд этилади ва бунинг оқибатида 5 ёшгача бўлган болаларнинг 120 дан ортиғи нобуд бўлади. Ўзбекистонда, хусусан Тошкент шаҳрида вақти-вақти билан ротовирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари кузатилади. Ушбу инфекцияга айниқса 1-6 ёшдаги болалар кўпроқ чалинади. Бир ёшгача кўкрак сути билан озиқланадиган чақалоқларда мавжуд бўладиган она ҳимоя кучлари вирусни бола организмига кириб боришига тўсқинлик қилади ёки касаллик жараёнини енгил кечишига ёрдам беради. Кўкрак сути билан боқилган болага нисбатан қўшимча овқатлар билан озиқлантирилган болалар ротовирус инфекциясини юқтириш хавфи бир мунча юқори бўлади. Одатда уч ёшга тўлгунча болаларнинг 90 фоизи ушбу хасталик билан хасталаниб бўлади. Ротовирус хасталиги билан катта ёшдагилар ҳам касалланиши мумкин. Лекин уларда бу касаллик енгил кечади. Ротовирус инфекциясининг манбалари ва касалликнинг юқиш йўллари — Инфекция манбаи – бу касалликнинг клиник аломатлари яққол намоён бўлган ёки яширинча кечадиган беморлар бўлиб, улар тиббиётда вирус ташувчилари деб юритилади. — Бу касаллик “ифлос қўллар” касаллиги ҳисбланиб, бир одамдан бошқа одамга маиший жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, тайёрланган овқатлар орқали ўтади. — Инфекция дарё, қудуқ ва водопровод суваридан ҳам юқиши мумкин. Ушбу вирус совуққа чидамли бўлади, ҳаво ҳарорати нол даражага тенг бўлганда ҳам тириклигича қолади ва сувда узоқ муддат сақланиб, сўнг организмга тушиши мумкин. — Ротовирус инфекциясига чалиниш ҳолатларининг кўпайиши йилнинг совуқ мавсумларида яъни, январ-март ойларига тўғри келади. Ротовирус инфекциясининг аломатлари — Бемор инфекцияни юқтиргандан сўнг хасталикнинг аломатлари пайдо бўлгунча ўрта ҳисобда 1-4 кун вақт ўтади. — Касаллик кескин бошланади, тана ҳарорати тўсатдан кўтарилиб (38-39 0С гача), 1-2 кун тушмайди. — Касаллик бошланишида оддий тумов ва томоқ оғриши кўринишида намоён бўлиши мумкин ва бундай пайтда даволовчи шифокор ротовирус инфекциясини нафас йўлари касаллиги, бунга иситма ҳам қўшилса, грипп деб хато ташхис қўйиш ҳам мумкин. — Вирус асосан ошқозон-ичак йўлида тарқала бошлайди, у овқат ҳазм қилиш ферметларини ишдан чиқаради ва бу ҳолат кўгил айниши ва ич кетишига сабаб бўлади. — Ротовирус инфекциясига чалинишнинг асосий белгиларидан бири бу қайт қилишдир. — Ўша куннинг ўзида ёки эртасига ич кетиш бошланади, бир кунда 20 мартагача суюқ сувсимон суюқлик келади. Жуда кам ҳолларда қорин оғриши кузатилади. — Ич кетиши тез-тез рўй берганда (1 кеча-кундузда 15 марта ва ундан ортиқ) бола бир суткада 1 литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Бу эса, тананинг сувсизланишига олиб келади. Тана оғирлигининг 8 фоизидан ортиқ миқдорда суюқлик йўқолиши хавфли ҳисобланади, 10 фоизидан ортиқ йўқолиши эса ўлимга олиб келиши мумкин. Касаллик қандай даволанади? — Хозирча, бошқа ичак вируслари сингари, ротовирусларга ҳам қарши даволаш воситаси топилгани йўқ, шунинг учун ротовирус инфекцияси юққанда бемор табиий тарзда соғаяди. — Шу билан бирга, боланинг тузалиши ота-она шифокорга қпнчалик тез мурожаат қилишига боғлиқ. Касалликнинг юқорида қайд этилган илк аломатлари пайдо бўлган тақдирда ҳамда чақалоқлар таглигининг маълум муддатда қуруқ бўлиши, кўзи ёшланмасдан йиғлаши, оғиз қуриши, тери эластиклигининг йўқолиши ва ташқи таъсирларга бефарқ бўлиши сингари хавфли аломатлар пайдо бўлганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Ана шундагина касалликнинг оғир кечиши ҳамда нохуш оқибатларни олдини олиш мумкин. Шифокор ташхис қўяди ва бемор боланинг ҳолатини хисобга олиб, унга даво-муолажасини белгилайди. Касаллик ўртача оғирликда кечганда бола 10-12 кунда соғайиб кетади.

Касалликнинг олдини олиш ва ҳимояланиш тадбирлари

Касалликнинг олдини олиш чораларини кўришда энг муҳим вирус юқори ҳароратга чидамсиз эканлигини ҳисобга олиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ва уйда тозаликни сақлаш лозим.

— Ротовирус таъсир натижасида 1-3 дақиқа давомида нобуд бўлади. Барча оила аъзолари айниқса, ёш болалар учун мўлжалланган сув билан хом сутни албатта қайнатиш талаб этилади. Болаларга янги соғилган сутни қайнатмасдан бериш мумкин эмас.

— Мева ва сабзавотларга алоҳида эътибор бериш лозим, чунки улар кўпинча вирус билан зарарланган бўлади. Уларни тоза сувда яхшилаб ювиш керак.

— Болалар учун мўлжалланган аралашмалар ва бошқа озиқ-овқатлардан (тайёр бўтқалар, пюре ва б.) фойдаланишда уларни фақат қайнатилган сув билан суюлтириш ва фақат бир марта овқатлантириш учун етадиган миқдорда тайёрлаш керак.

— Болани овқатлантириш учун фақат тоза идишдан фойдаланиш лозим.

— Кўчадан уйга кирганда, болага овқат тайёрлаш ва уни овқатлантиришдан олдин қўлларини совунлаб ювиш керак.

— Барча оила аъзолари болани фақат тоза кийимда қўлга олишлари мумкин, уни ишчи кийим ёки овқат тайёрлашда кийиладиган кийимда қўлга олиб бўлмайди. — Турар жой тозалигини сақлаш лозим: вирус мебел, кийим-кечак, маиший техника, ўйинчоқлар, эшик тутқичлари, қўл ювгич кранлари, унитазнинг сувни оқизувчи кранларига ўрншиб олган бўлиши мумкин.

— Барча оила аъзоларининг саломатлигини қатъий кузатиб бориш шарт. Улардан бирортасининг ичи бузилиши қолган барча оила аъзоларига огоҳ бўлишлари лозимлигидан дарак беради. Касалликка дучор бўлиб, ичи бузилган тақдирда, ўз билганича даволамасдан, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиши керак.

— Беморни соғлом оила аъзоларидан ва биринчи навбатда ёш боладан ажратиб қўйиш лозим, унга алоҳида идиш, кийим, сочиқ ва ҳ.к. ажратилиши зарур.

ЎТКИР ЮҚУМЛИ ИЧАК КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Касалликни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Ушбу микроорганизмлар илиқ-иссиқ шароитларда тез кўпайиши сабабли касалликлар асосан кеч баҳор, ёз ва куз мавсумларида кўпроқ учрайди. Касалликнинг юқиш йўллари ва келтириб чиқарувчи омиллари:

— болаларга бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидалари ҳамда сақлаш шароитларига риоя қилмаслик;

— қайнатилмаган сувни ичиш;

— уйда ва жамоат жойларида озодалик ва орасталикка риоя қилинмаганда, айниқса қўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин совунлаб ювмилмаганда;

— уйда ва жамоат жойларда шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик;

— мева сабзавотлар ва полиз маҳсулотларини ювмасдан истеъмол қилиш;

— яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ҳамда ҳар хил турдаги салатларни истеъмол қилиш;

— овқатланиш тартиби ҳамда маданиятига эътибор бермаслик, яъни ҳўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сув ичиш ёки уларни ёғли овқатлар билан бир вақтнинг ўзида истеъмол қилиш;

— ушбу касаллик билан оғриган бемор билан мулоқотда бўлганда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик;

— белгиланмаган очиқ сув ҳавзаларида (фавворалар, каналлар ва ҳ.к.) чўмилганда сув билан микробларнинг организмга тушиши;

— касаллик қўзғатувчиларини ташувчи пашшаларнинг кўпайиши;

Касаллик аломатлари: умумий ҳолсизлик, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, иштахасизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, қайт қилиш, тананинг сувсизланиши, талвасаланиш. Агарда, ўзингизда ёки оила аъзоларингизда касаллининг илк белгилари сезилса, зудлик билан оилавий поликлиникалар, ҚВПларининг шифокорига мурожаат қилиш ва уларнинг тавсиясига кўра, даво-муолажаларини олиш керак.

Касалликнинг олдини олиш борасидаги зарур профилактик тадбирлар:

— 1 ёшгача бўлган болаларни кўкрак сути билан боқиш, 6 ойдан кейин бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши, улар учун овқатларни бир марта овқатлантиришга етадиган миқдорда тайёрлаш, шу мақсадда ишлатиладиган полиэтилен ва шиша идишларни ювилиши ҳамда қайнатилишини таъминлаш;

— сувни қайнатилган ҳолда ичиш;

— ҳўл мева ва полиз маҳсулотларини яхшилаб ювиб истеъмол қилиш;

—  яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ҳамда ҳар хил турдаги салатларни истеъмол қилмаслик;

— овқатланиш тартиби ҳамда маданиятига эътибор бериш, яъни мева сабзавотлар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сув ичмаслик ёки уларни ёғли овқатлар билан бир вақтда истеъмол қилмаслик;

— совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулатларни янгилаб турилишига эътиборли бўлиш;

— болаларда ёшлигидан сўрғичдан фойдаланишни таъқиқлаш; уйда, жамоат жойларида шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш;

— чўмилиш учун мўлжалланган сув ҳавзаларида чўмилиш; қўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин совунлаб ювиш ва бу кўникмани болаларга ёшлигидан сингдириб бориш; кундалик турмушни тўғри режалаштириш, жисмонан фаол бўлиш;

— уйда ва жамоат жойларида озодалик ва орасталикка риоя қилиш;

— пашшаларни кўпайишига йўл қўймаслик керак.