Қутуриш – ўта ҳавфли касаллик.

Қутуриш – ўта ҳавфли касаллик.

Қутуриш иссиққонли ҳайвонлар ва одамда учрайдиган асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ўта хавфли юқумли касалликдир.

Республикада одамлар учун касалликнинг  асосий манбалари ит, камдан-кам ҳолларда мушук, ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки ҳисобланади.

Итларга касаллик асосан тулки, бўри ва чиябўрилардан юқади.

Касаллик одамга қутуришга чалинган ҳайвонларнинг тишлаши ва тирнаши натижасида сўлаги орқали юқади. Қутуриш вируси касалланган ҳайвоннинг сўлаги ва мия тўқимасида бўлади. Сўлак касалликнинг ягона юқиш омили ҳисобланади.

Қутуриш одамларда ҳам, ҳайвонларда ҳам жуда оғир кечиб, ҳамиша ўлим билан якун топади.

Шунинг учун хам хар-бир фуқаро ушбу касалликни олдини олишда аввало хайвонлардан жарохатланганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш, бирламчи тиббий ёрдам олиш, профилактик эмлаш муолажаларини ўз вақтида тўлиқ олиш, врач кўрсатмаларига пухта амал қилиш лозимлигини эсдан чиқармаслиги керак.

Қутуриш касаллигига чалинган хайвонларда кузатиладиган белгилар:

Қутуриш касаллигига чалинган хайвонлар тажовузкор бўлиб, дуч келган хайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга харакат қилади, ёруғликдан қўрқади, қоронғу жойга кириб олишга харакат қилади, эгаси чақирганда олдига келмайди, овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб, ютади, кейинчалик ютиниши қийинлашади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуши буғилиб, йўқола бошлайди ва орқа оёқлари харакатланмай қолади, яъни фалажланиш холатлари кузатилади.

Ўтказилган тажрибалар натижасида шу нарса аниқланганки, қутурган хайвоннинг сўлаги касалликнинг клиник аломатлари пайдо бўлмасдан 10 кун олдин зарарли бўлиши мумкин экан. Демак, касал хайвонлардан ташқари кўринишидан соғлом кўринган хайвонларнинг сўлаги хам танамизга тегишидан сақланиш керак.

Сиз агар ит ва бошқа уй хайвонларида касалликнинг шундай белгиларини кузатсангиз, дархол ветеринария врачига мурожаат этинг!

Агар хайвонлар томонидан жарохатланганда нима қилиш керак?

Агар хайвонлар томонидан жарохатланганда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак, жарохат тананинг қайси қисмида жойлашганлиги ва унинг оғир, енгиллигига қараб врач даволаш муолажаларини белгилайди. Хайвонлардан жарохатланган хар бир фуқаро врач айтганларини тўла тўкис бажариши лозим.

Даволаниш даврида белгиланган профилактик эмлашни ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйиш, оғир куч талаб қиладиган мехнат билан шуғулланиш, иссиқ хаво хароратда кўп юриш хамда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш (ва х.) қатьиян ман этилади.

Хайвонлардан жарохатланган фуқароларга Урганч шахрида Марказий поликлиникада, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам марказида, туманларда эса туман тиббиёт бирлашмалари травматология ёки жаррохлик бўлимларида тиббиёт ходимлари Сизга бепул хизмат кўрсатадилар.

Қутуриш касаллигини олдини олиш учун нималар қилиш керак:

-Аввало ит сақловчи фуқаролар уйда сақланаётган итларнинг руйхатдан ўтказиб, хар йили белгиланган муддатларда уларни қутуришга қарши мажбурий эмлатиш керак;

-Агар бирор ит ёки бошқа уй хайвонлари қутурганлигига гумон қилинса, дархол ветеринария хизматига хабар бериш керак;

-Агарда бирорта хайвон Сизга жарохат етказса зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш хамда ушбу жарохат етказган хайвонни хар-хил йўллар билан ўлдириб ташламасдан ветеринария хизматига хабар бериш лозим, агарда ушбу жарохат етказган хайвон турли хил йўллар билан йўқ қилиб, ташланса жарохатланган фуқарога нисбатан даво муолажаларини ўтказишда бир қанча қийинчиликлар туғдиради;

-Хайвонлар томонидан жарохатланганда (тишласа, тирнаса) зудлик билан тиббий ёрдамга мурожжат қилиш керак;

-Агарда кўчаларда дайди ва қаровсиз хайвонлар аниқланса зудлик билан худудий Ободонлаштириш бошқармаси қаровсиз қолган хайвонларни тутиш бўлимига хабар бериш керак;

-Ит ва мушук сақлаш қоидаларга тўлиқ риоя қилиш, уларни тоза сақлаш, дайди хайвонлар билан алоқада бўлишга йўл қўймаслик, вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб туриш;

-Айниқса ёш болаларни ит ва мушуклар билан ўйнаганда назоратсиз қолдирмаслик чораларини кўриш;

Баьзи кишилар хонадонларидаги итлар касал бўлса ёки боқаолмаса, уларни кўчага хайдашади ёки қаерларгадир ташлаб келишади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади. Дайди итлар эса қутуриш касалигнинг манбаи сифатида атрофдагилар учун хавф туғдиради.

Агарда Сизда  шундай холат учраса (ит керак бўлмай қолганда) ушбу итни худудий Ободонлаштириш бошқармаларига топширишингиз мумкин;

Ҳайвон тишлашидан жабрланган одамнинг қутуриш касаллигидан асрашнинг ягона йўли-бу қутуришга қарши ўз вақтида эмлатишдир.

Юқорида зикр этилган тавсияларга амал қилинган тақдирдагина, биз даҳшатли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган қутуришдан ўзимизни  асраган бўламиз.

Қутуриш – бедаво дард эканлигини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак.