ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМА КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ!

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ва унинг пофилактикаси.

Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги (ҚКГИ) вирус қўзғатадиган, кўпинча чўл зоналарида учрайдиган айрим холларда тарқоқ холда учрайдиган табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир. Ушбу касаллик билан фақат одамлар касалланади, хайвонлар касалланиши исботланмаган.

Қўй-эчки, қорамолларда учрайдиган иқсод каналари ҚКГИ касаллиги вирусининг сақловчиси ва ташувчилари хисобланади. Касаллик фаолияти чўл зоналари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида, жумладан, чўпонлар, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, сут соғувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганларда кўпроқ учраши аниқланган. ҚКГИ касаллиги мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, йилнинг апрел ойидан сентябр ойларигача бўлган даврларда кўпроқ учрайди. Касалликнинг бундай мавсумийлиги каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ.

Касалликни юқиш йўллари:

Ушбу касаллик ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади, бундан ташқари, касаллик соғлом одамга шу касаллик билан оғриган беморнинг қони орқали хам юқиши мумкин.

Касалликнинг клиник белгилари:

Касалликниниг яширин даври, яъни вирусни организмга кириб, касалликнинг илк аломатлари рўёбга чиққунга қадар бўлган давр бир неча соатдан 7 кунгача, ўртача 2-6 кун давом этади.

Касаллик ўткир бошланиб, тана хароратининг кўтарилиши (39-40ºС), баданнинг совуқ қотиб қалтираши, бош оғриши, бутун тана бўйлаб мушакларнинг оғриши, касалликнинг 3-кунига келиб баданларда тошма тошиши, милк, бурун, ошкозон-ичаклардан, аёлларда бачадондан қон кетиши каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзи холатларда касаллик оғир кечиб, беморнинг ҳаётий муҳим аъзоларидан қон кетиш натижасида ўлим қайд этилади.

ҚКГИ касаллиги геморрагик белгиларсиз шаклда хам кечиши мумкин, яъни касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қон талашлар кузатилмайди, аъзолардан қон кетмайди, касаллик асосан иситма ва интоксикация аломатлари билан кечади.

 

ҚКГИ касаллигининг олдини олишда қуйидагилар тавсия этилади:

 

-чўл худудларига (табиат кучоғига) апрел-июн, июл ойларида имкон қадар чиқмаслик;

-чўл худудларидан ҳамда бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик;

-молларда кана аниқланса, дархол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;

-каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;

-қирқим мавсумига ёш болаларни, ўсмирларни, айниқса, хомиладор аёлларни жалб этмаслик;

-қирқим вақтида фақат махсус кийимлардан: қўлқоп, енг ва пойчалари мустахкам беркиладиган шим, камзул, резина этиклардан фойдаланиш, шахсий гигиена коидаларига пухта амал қилиш зарур.

Чорва молларида учрайдиган каналар – ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига мансуб бўлган геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчи вирусининг сақловчиси ва ташувчиси ҳисобланади.

Ҳурматли ҳамюртлар!

Ўзингиз ва яқинларингизни кана чақишидан эҳтиёт қилинг!

Кана чақишидан эхтиёт бўлиш бу ҚКГИ касаллигининг олдини олиш гаровидир!