Юқумли касалликларнинг олдини олишда иммунопрофилактиканинг роли

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан инсон саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом инсонлар сафини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш,бир сўз билан айтганда соғлом жамиятни ташкил этишга катта эътибор бериб келинмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки киши носоғлом бўлса, у ҳаёт нашидасидан бахраманд бўла олмайди.  Шу билан бирга, оиласига, айниқса, ўз мамлакатига ташвиш келтиради. Агар инсон соғлом бўлса, у аклий ва жисмоний фаолиятда ижобий натижаларга эришади. Эришган ютуқларидан биринчи навбатда ўзи, оиласи, маҳалла аҳли, қолаверса, у яшаётган юрт манфаат кўради.

Республикамизда профилактик эмлаш сиёсати давлат қомуси ва “Фуқаро саломатлигини ҳимоялаш” қонунига асосланган бўлиб, бунда ҳар бир фуқаро миллий эмлаш жадвали асосида ва эпидемиологик кўрсатма бўйича бепул эмлаш билан қамраб олинган. Мамлакатимизда 2 ёшгача болаларни юқумли касалликларга қарши бепул ва хавфсиз профилактик эмлашни  таьминлаш давлатимиз сиёсатининг негизи бўлиб қолмоқда.

2015 йилдан миллий эмлаш календари асосида 12 та юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вакциналар давлат бюджети ҳисобидан ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти орқали харид қилинмоқда.

Мустақиллик йилларида полимиелит, дифтерия, қизамиқ ва қизилчага қарши қатор “Миллий эмлаш кунлари”  ўтказилди. Натижада мамлакатимизда полимиелит касаллиги тугатилди ва ЖССТнинг “Ўзбекистон полимиелит касаллигидан озодлиги”  тўғрисидаги сертификати берилди.

Қолаверса, МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бўлиб мамлакатимизда давлат бюджети ҳисобидан вакциналарни сотиб олиш ва уларнинг сақланишида асосий шартлардан бири бўлган “совуқлик занжири” тизими такомиллаштирилди ва болаларни   тўлиқ  бепул эмлаш  ишлари йўлга қўйилди.

Аҳолини эмлаш қамрови 98% юқори кўрсаткичда бажарилиши натижасида 1995 йилдан бошлаб полимиелит, 2002 йилдан дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, 2011 йилдан қизамиқ ва қизилча рўйхатга олинмаяпти.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Профилактик  эмлаш — давлат дастурига шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон “Фарзандларнинг соғлиги, менинг соғлигим!” деган шиор асносида ёндошса, эмлашнинг моҳияти ҳар бир фуқаро турмушида ўқув масканларида, шифохоналарда, бир сўз билан айтганда замонда ва маконда таянч-ғоя сифатида қабул қилса ҳамда унга амал қилинса, турли юқумли касалликлардан фориғ бўлишимиз, шу билан бирга соғлом жамиятни шакллантиришга эришишимиз мумкин бўлади.