Саломатлигингизга эътиборсиз бўлманг!

Грипп тез  тарқаладиган ўткир юкумли касаллик бўлиб, у об-ҳавонинг ўзгариши билан қўзғалиш хусусиятига эга.  Бугунги кунда грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд бўлиб, мамлакатимизда унинг  эпидемик тусда тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Грипп асосан ҳаво томчи йўли билан юқади ва иммунитети паст, сурункали касалликлар билан хасталанганлар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар ва болаларда оғирроқ кечиши кузатилади.. Агар унинг илк аломатлари сезилган заҳоти шифокорга мурожаат қилиниб, ўз вақтида муолажа олинса  оғир асоратларнинг олди олинади. Грипп билан хасталанганда ўз вақтида даволанмаслик ёки касалликни оёқда ўтказиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Таъкидлаш керакки, шу ва бошқа бир қатор юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида тиббиёт, таълим, мактабгача таълим муассасаларида кенг миқёсда тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда, давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилмоқда. Қолаверса, маҳаллалар, таълим муассасалари, тиббиёт масканларида ушбу касаллик хавфидан огоҳликка чорловчи тавсия ва қўлланмалар тарқатилмоқда. Шунингдек, гриппга қарши  эмлаш тадбирлари  ҳам ўтказилмоқда.

Грипп билан хасталанган беморларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш унинг тез ва самарали даволанишида муҳим аҳамият касб этади. Негаки, касал қанча эрта аниқланиб ўз вақтида даволанса самараси ҳам ижобий якунланиб, ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Бунинг учун энг аввало аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш,  оилада соғлом турмуш тарзига риоя қилиш яхши самара беради.Гриппга қарши курашда ҳар бир инсон касалликнинг дастлабки белгиларини яхши билиши талаб этилади. Хусусан, гриппга чалинган беморларда  бош ва мушаклар оғриғи, иштаҳасизлик, ҳолсизлик, тумов, йўтал, тана харорати 38-40 даражага кўтарилиши, бурундан суюклик ажралиши, баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади.

Баъзида  гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради. Негаки, бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёкда ўтказадилар. Уларни  касал  ҳолатида  жамоат  жойларда, транспортларда, ўқиш  ва  иш жойларда  учратиш  мумкин. Яна бир гап,  грипп билан касалланганда дори-дармондан ўз билганича фойдаланиш мутлақо ярамайди.  Грипп билан хасталанган бемор албатта шифокорни чақириб, врач тавсияси ва назорати остида даволаниши лозим. Ҳозирги кунда мутахассислар касалликнинг олдини олиш ва курашнинг энг мақбул усули сифатида қатор тавсиялар ишлаб чиқиб, тарғиб этмоқда. Энг мақбул усулларидан бири юзга ниқоб тақиб юришдир. Тўғри ва рационал овқатланиш ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш, тўйиб ухлаш, бадантарбия ҳам профилактиканинг муҳим шартларидан бири. Ҳар бир инсон шахсий гигиенага риоя қилиши, эмлаш тадбирларини ўтказиш, тозаликка риоя этиш, хонадонларда дезинфекция ишларини йўлга қўйиш, хоналарни шамоллатиш эпидемиянинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиб, кам ҳаракат қилиш тавсия этилади. Беморга қараётганлар бурун ва оғизларини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсишлари ва қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари шарт. Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, намли тозалов ишлари амалга оширилиши, кўпроқ суюқлик — қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичириш ҳамда осон ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиш лозим.

Касалликнинг олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овкатланиш алоҳида аҳамиятга эга. Кўпрок совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта бош кийим кийиш, оёқларни иссиқ бўлиши муҳимдир. Касаллик авж олиши мумкин бўлган пайтда (декабрь, январь, февраль ойларида)   нафақат корхоналар ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларига, балки барча фуқароларга ниқоб тақиш тавсия этилади.

Ҳар қандай хасталик инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал.