Лейшманиозлар ва уларнинг профилактикаси.

Лейшманиоз — бу дунёнинг 98та давлатида кенг тарқалган, эндемик, тропик касалликлардан бири бўлиб, таҳминан 350 миллион одамнинг ушбу касаллик билан касалланиш эхтимоли мавжуд.
ЖССТ нинг маълумотига кўра, шу бугунга қадар 14 миллион одам ушбу касалликка чалинган ва ҳар йили икки миллионга яқин янги ҳолатлар аниқланади. Висцерал лейшманиоз касаллигидан ҳар йили 50мингдан ортиқ одам вафот этади.
Лейшманиозлар — одам ва ҳайвонларда учрайдиган трансмиссив протозой касаллик бўлиб, қўзғатувчиси лейшманиялар (Leishmania) ҳисобланади ва қўзға-тувчилар билан зарарланган искабтопар Phelebotomus (майда, икки қанотли, оч сариқ, оч кулранг ёки жигарранг қон сўрувчилар) ташувчи бўлиб, чақиш йўли билан касалликни юқтиради. Искаптопарларнинг ўзлари эса бемор одам, итлар, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчиларни чақиш орқали зарарланади. Зарарланиш мавсуми йилнинг май ойидан октябргача, касаллик мавсуми эса куз фасли ёки келгуси йилнинг баҳор ойларига тўғри келади.

Одамда учрайдиган лейшманиозлар қуйидаги шаклларда намоён бўлади:

1) висцерал лейшманиоз; 2) тери- лейшманиози; 3) тери-шиллиқ лейшманиози.
Ўзбекистон шароитида висцерал ва тери- лейшманиози кўпроқ учрайди.
Висцерал лейшманиоз: Хиндистон, Непал, Бангладеш, Кавказ орти мамакатларида, Ўрта ер денгизи, Жанубий Европа, Жанубий Америка ва Африка давлатларида кенг тарқалган.
Ўзбекистонда висцерал лейшманиоз касаллиги асосан Наманган, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қайд этилади.
Касаллик манбаи – ит ва итсимонлар (бўри, чиябўри, тулки) оиласига кирувчи ҳайвонлар ҳисобланади.
Висцерал лейшманиоз ўз вақтида махсус даво курси (бешвалентли сурьма – солюсурмин дори воситалари, глюкантим, амбизом (амфотерицин В), мильтефозин антибиотиклар билан қўшиб қилинади – аминогликозид – паромомицин ва б.) ўтказилмаганда, 100 фоиз ўлим ҳолати билан якун топиши мумкин бўлган ҳавфли касаллик ҳисобланади.
Касалликка асосан 5ёшгача бўлган болалар, катта ёшдагилар орасида иммунитети паст бўлган одамлар кўпроқ чалинади. Касалликнинг яширин даври 10 кундан 3ойгача, айрим ҳолатларда 1 йилгача чщзилиши мумкин.
Висцерал лейшманиоз ўткир бошланиб, тана ҳароратининг 39-400С га кўтарилиши, совқотиб қалтираш, жигар–талоқнинг катталашиши, камқонлик каби белгилар билан намоён бўлади. Айрим ҳолатларда касаллик аста-секин бошланиб, белгиларсиз сурункали кечади. Касаллик умумий ҳолсизлик, иштахани пасайиши, совқотиб қалтираш, тери қопламларининг оқариши, тошма тошиш, камқонликнинг ўсиши каби клиник белгилар билан кечади.
Касалликнинг асосий клиник белгиларидан бири жигар (киндик чизиғигача)ва талоқнинг(кичик тос бўшлиғигача) катталашиши ҳисобланиб, тахминан 10фоиз беморларда жигар циррози кузатилади.
Касалликнинг охирги босқичларида танада шишлар пайдо бўлиши, озиб кетиш (кахексия) ва гиперпигментация (кала-азар «қора касал») кузатилади.
Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак, чунки касаллик асорати, унинг тўғри ва ўз вақтида ўтказилган махсус даво курсига боғлиқ.
Махсус даво курси ўтказилгандан кейин, бемор 1 йилгача тиббиёт ходимларининг назоратида бўлади. Агар шифохонадан чиқарилган беморнинг аҳволи яхшиланмаса, химиотерапия курси қайта ўтказилади.
Тери — лейшманиози: Касалликнинг ушбу шакли Ўрта Осиё (Туркманистон, Ўзбекистон), Кавказорти, Афғонистонда Яқин шарқ, Африка давлатларида кенг тарқалган. Касаллик искаптопар чаққан жойда тери қопламининг зарарланиши ва яраларнинг пайдо бўлиши билан характерланади. Аҳоли миграциясининг ривожланиши ушбу касалликни нафақат эндемик, балки бошқа географик ҳудудларда ҳам тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Эндемик ўчоқлар асосан чўл ва ярим чўл ҳудудлари, қишлоқ ва шаҳар четларида учрайди. Ёзги мавсумийлик искаптопарларнинг фаоллашган даври билан бевосита боғлиқ бўлади.
Ўзбекистонда тери лейшманиозининг ўзига хос клиник белгилари, қўзғатувчи биологиясининг ўзига хослиги ва касалликнинг эпидемиологик тарқалишига кўра иккита тури учрайди: зооноз ва антропоноз.
Зооноз, ёки ўткир-некрозли тери-лейшманиоз (синонимлари: қишлоқ лейшманиози; пендинка яраси, шарқ яраси; ўткир некрозли лейшманиоз; мургаб яраси; II тип лейшманиоз).
Касаллик резервуари: республиканинг чўл ҳудудларида кенг тарқалган катта қум ва қизил думли сичқонлар ва бошқа кемирувчилар ҳисобланади.Тери-лейшманиоз касаллиги билан барча ёшдагилар касалланиши мумкин.
Касаллик тез-тез учраб туради, яширин даврининг қисқалиги билан ажралиб туради (1хафтадан 1-2 ойгача) Касалликнинг энг авж олган вақти, яъни мавсумийлиги ёзнинг охири ва куз ойларига тўғри келади.
Антропоноз тери лейшманиоз (синонимлари: Боровский касаллиги; шарқ яраси; кечроқ битадиган лейшманиоз; Ашхабадка; Кокандка; I тип лейшманиоз; шаҳар лейшманиози; Саратов яраси ва б.).
Касаллик асосан искаптопарлар яшайдиган шаҳар ва шаҳар типадаги поселкаларда учрайди. Махаллий аҳоли ўртасида асосан болалар, четдан келувчилар орасида барча ёшдагилар кўпроқ касалликка чалинади. Касалликка ёзги ва кузги мавсумийлик хос бўлиб, бу тарқатувчиларнинг фаоллиги билан боғлиқдир.
Касаллик манбаи – бемор одам.
Касалликка барча ёшдагилар берилувчан. Зооноз тери лейшманиозидан узоқ яширин даври (бир неча ойдан йилгача давом этади) ва иккита ўзига хос бўлган жиҳати, яъни, бемор юзи, қўл ва оёқларида яранинг аста секин пайдо бўлиши ва терининг камроқ зарарланиши билан ажралиб туради.
Лейшманиознинг тери турларида клиник кўрсатмага асосан бемор шифохонага ётқизилади. Даволаш ўтказилмаганда ҳам соғайиш кузатилади. Бемор соғайгандан кейин турғун иммунитет ҳосил бўлади.
Лейшманиозларни олдини олиш:
Касаллик манбалари, тарқалиш механизмига қарши ва шахсий гигиена қоидаларидан иборат мажмуавий чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Касаллик манбаига қарши чора-тадбирлар:
— Висцерал лейшманиоз турида эрта аниқлаш ва даволаш касалликнинг асоратларини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Даволаш стационар шароитида амалга оширилади.
Дайди итларни йўқотиш, уй ҳайвонларини ветеринария хизмати назоратига олиш.
— Антропоноз тери- лейшманиозида беморларни эрта аниқлаш ва даволаш, улар яшаб турган хона дераза ойналарини тўрлар билан беркитиш, ярани боғлаш керак. Искаптопарларни қўзғатувчилар билан зарарланишини олдини олиш билан касалликни тарқалишини олди олинади.
Шунингдек, дайди итлар йўқотилиб, эгаси маълум бўлган итлар ветеринария назоратига олинади.
— Зооноз тери- лейшманиоз турида зарарли емак, заҳарли газ ва механик ушлагичлар ёрдамида инлардаги катта қум ва қизил думли сичқон ва бошқа кемирувчиларни йўқотиш. Эпидемик мавсумда тиббиёт ходимлари томонидан уйма-уй юриб аҳоли орасида тушунтириш ва санитария- тарғибот ишларини олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.
Касаллик тарқатувчиларига қарши чора-тадбирлар:
Искаптопарларни йўқотиш ва уларни чақишидан ҳимояланиш етакчи чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.
Аҳоли яшаш жойлари ва искаптопарларнинг кўпайиш жойларида ( парранда ва ҳайвонлар сақланадиган хўжалик хоналари, хожатхоналар, ер тўлалар, кемирувчилар инлари, чиқинди тўпанган жойлар, чиқинди солиш идишлари ва лойдан қилинган эски деворлар ораси ва б.). уларга қарши дорилаш ишлари ўтказилади.
Умумий санитария чора-тадбирлари (хоналарни тозалаш, чиқиндиларни йўқотиш) ва аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш, ер тўлаларни қуритиш, аҳоли яшаш пунктларида бута ва чангалзорларни йўқотиш билан искаптопарларни кўпайиши чек қўйилади. Механик тозалаш ўтказилган жойларда инсектицидлар билан дорилаш ишлари амалга оширилади.
Шахсий гигиена чора-тадбирлари:
Искаптопар чақишидан шахсий ва гурухли ҳимояланиш мақсадида ҳар хил чўчитувчи кремлар – репеллентлардан фойдаланилади. Эндемик туманларда дераза ойналари махсус тўрлар билан беркитилиб, реппелентлар билаш ишлов берилган пашшахоналар ишлатилади. Искаптопар чақишидан ҳимояланиш мақсадида кечки вақтларда танани очиқ жойларини беркитиш, енги узун кийимлар, пайпоқлар кийиш тавсия этилади.
Касалликни олдини олиш мақсадида эндемик жойларда бўлганларга ҳафтада 1 марта хлоридин ёки тиндурин дори воситалари билан химиопрофилактика тавсия этилади Республикада ҳозирги кунда тери-лейшманиоз касаллигига қарши иммунопрофилактика ўтказилмайди.