Зика иситмаси ҳақида

Зика иситма касаллиги бўйича эпидемик вазият тўғрисида

Оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, 2015 йил 1 декабрда  Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти Зика иситма касаллигини Шимолий ва Лотин Америка давлатларининг тропик ва субтропик худудларида тарқалганлиги тўғрисида соғликни сақлаш ташкилотларига маълумотлар киритган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Зика иситмаси Африка, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиёнинг Тинч океани худудларида учраши мумкин.

Зика иситма касаллиги вируси флавивирус оиласига мансуб бўлиб, арбовирус касалликлари турига киради. Чивинлар Зика вируси иситмаси билан касалланган беморларни чаққанида ўзига шу вирусни юқтиради ва кейин соғ одамни чақиши натижасида шу одам сариқ иситма касаллигига ўхшаш бўлган Зика иситмаси касаллиги билан касалланади.

Аэдес чивинлари одамлар яшайдиган худудлардаги биноларда яшаб, тухумларини кўлмак сувларга қўяди. Ушбу ҳашоратлар асосан кундуз кунлари одамларни чақади.

Таъкидлаш жоизки, касаллик Аэдес чивинидан ташқари одамдан одамга жинсий алоқа пайтида ҳам юқиши мумкин.

Зика иситмаси касаллигининг яширин даври 3-12 кун бўлиб, касаллик 70 фоиз ҳолатларда симтомсиз, яъни касаллик белгиларисиз кечади.

Бош оғриғи, умумий холсизлик, терида тошмаларнинг пайдо бўлиши, тана хароратининг кўтарилиши, мушак ва бўғимларда оғриқ, кўзнинг қизариши, конюктивит, кўз косасида оғриқ, ёриғликка сезувчанлик каби, аломатлар касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Айрим ҳолатларда диспектик ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Зика иситмаси енгил бош оғриғи, тана ҳароратининг 38,5 С гача кўтарилиши ва   тошмалар пайдо бўлиши билан бошланади. Тана ҳароратининг кўтарилиши 5 кунгача давом этади. Касаллик асосан енгил ўтиб, ўлим ҳолатлари деярли учрамайди.

Зика иситмаси касаллигига ташҳис беморлардан олинган қонни ПЦР лаборатория усулидавируснинг РНК (рибонуклеин кислотаси)ни аниқлаш билан қўйилади.

Бугунги кунда ушбу касалликнинг махсус даволаш усули мавжуд эмас  ва вакцинаси ишлаб чиқилмаган. Касалликни олдини олишнинг асосий усули чивинларни ва уларнинг тухумларинианиқлаб, уларни махсус дезинсекция воситалари ёрдамида қириш ҳисобланади.

Республикамизда Зика иситмаси касаллиги вирусини одамларга юқтирадиган Аэдес туркумига кирувчи чивинлар учрамайди. Шу боис, ушбу касалликни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқалиш эҳтимоли мавжуд эмас.