Ботулизм касаллиги профилактикаси

843d6b86541c75fa15a0c4010442b12a

Қиш ва эрта баҳор фаслларида аҳоли ўртасида хонадон шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида                               овқатдан         заҳарланиш – ботулизм касаллиги учраб туради.

Бунинг сабаби оддий –  уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилинмайди. Натижада консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва заҳарли токсинлар чиқаради.

Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим холатларда  шиша идишнинг тунука қопқоғи шишади. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиб заҳарланган одамда унинг белгилари пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, жисмлар кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ютиш ва гапириш қобилиятини пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши  касалликнинг клиник белгиларидир. Касалликни хонадон шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади.

Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Ҳар қандай касалликлар каби, ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида.

Хонадон шароитида бодринг, помидор, паттисон маринадлари, бақлажон икраси каби консерва махсулотларини тайёрланишини тавсия этилмайди. Чунки бундай шароитда тайёрланган консерва махсулотларининг сифатига хеч ким кафолат бера олмайди.  Айнан шундай сифат сертификати, ёрлиқларига эга бўлмаган, бир суз билан айтганда истеъмол учун яроқсиз ҳисобланган консерва маҳсулотларини бозорларда, кўча-кўйларда белгиланмаган ноқонуний савдо расталарида сотилаётган бўлса, ҳар биримиз истеъмолчи сифатида бундай махсулотларниХАРИД қилмаслигимиз керак.

Хонадон шароитида узум, шафтоли, ўрик каби мевалардан киёмлар, бодринг, помидор, каромлардан сирли идишларда тузламалар, мевалардан қоқилар тайёрланса максадга мувофиқ бўлади.

Мамлакатимиз Давлат санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари тегишли давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорларда, савдо мажмуаларида, белгиланмаган жойларда уй шароититда тайёрланган консерва маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, мунтазам рейдлар ўтказиб келишмоқда. Таълим-тарбия муассасаларида ва жамоат жойларида фаолият юритаётган умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш доимий эътиборда.

Айни кунларда халқимиз Янги йил байрамини нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Ана шундай байрам ва шодиёналарни оила даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонлаш гўзал анъаналаримиздан ҳисобланади.

Ўз навбатида ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам халқимизнинг байрам дастурхонига хилма-хил маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида, кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорга кирсангиз, улардаги маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўриб кўзингиз кувонади. Хусусан, гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар, бозорларда саноат усулида, технологик жараёнлар ҳамда белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг  барча турлари  мавжуд. Уларни сақлаш шароитига ҳам тўла риоя этилади. Ушбу маҳсулотларнинг деярли барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган.

Байрам дастурхонини безатиш учун ана шундай замонавий савдо масканларимизга ташриф буюриш мақсадга мувофиқдир. Сотиб олинган ҳар бир озиқ-овқатнинг сақланиш шароитига ва муддатига ҳам қатъий риоя этиш зарур. Қисқа қилиб айтганда, ҳар ким ўзи ва оиласининг соғлиғи учун аввало ўзи масъул эканини унутмаслиги керак.