Азиз юртдошлар ! ! ! Қутуриш — бедаво дард!

Қутуриш бедаво дард!

 Қутуриш-барча иссиққонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касалликдир.

 

 

 

 

 

Ушбу касаллик одамларга асосан қутурган итлар ва мушукларнинг, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) тишлаши (тирнаши, сулаклаши) натижасида ҳайвонларнинг сўлаги орқали одамларга юқади. Касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвонлар сўлагида бўлади.

Республикамизда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди.

Қутурган итда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади.

Бугунги кунгача қутуриш касаллигининг даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган.

Қутуриш касаллиги жуда оғир кечиб, касаллик 100 фоиз ўлим билан тугайди. Қутуриш касаллигида қийноқли ва дахшатли ўлим қайд этилади. Бу тўғрида машхур рус олими Данило Самойлович қуйидагича фикр билдирган “Инсоният дунёга келибдики, қанчадан-қанча касалликларни бошидан кечирган ва кўрган, аммо қутуриш касаллигига мубтало бўлган бемор аҳволини кўришдан ортиқ қўрқинчли ва даҳшатлироқ ҳолат бўлмаса керак”. Шунингдек рус ёзувчиси Антон Чехов қутуриш касаллигига дучор бўлган набирасини кузатиб, уни жуда қийналиб жон берганини кўргач, “Бир хафтача ўзимга келолмадим, телбанома бўлиб юрдим, шундан кейин, дунёдаги барча итлардан ҳам, итбоқарлардан ҳам кўнглим қолиб кетди” деган сўзларни ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган.

Тиб илмининг султони ибн Сино ҳам ўзининг “Тиб қонунлари” асарида сувдан қўрқа бошлаган бирорта ҳам беморни даволаш йўли билан ўлимдан олиб қолиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Бу касалликда бошқа юқумли касалликларда кузатилмайдиган сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби касаллик аломатлари кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка “сувдан қўрқиш”, яъни гидрофобия  деб бежиз ном берилмаган.

Ҳақиқатдан ҳам қутуриш билан ҳайвон касалланадими ёки одам касалланадими, якуни аниқ-дахшатли ўлим.

Шу боис ҳам биз касалликни даволашни эмас, балки уни олдини олишни ўйлашимиз керак.

Қутуриш касаллигининг олдини олиш билан нафақат ветеринария ва тиббиёт соҳалари ходимлари, балки барчамиз, ҳар биримиз шуғулланишимиз лозим.

Қутуриш касаллигининг олдини олишда, ҳайвонларни, айниқса итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш, одамларда қутуриш касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Минг афсус билан таъкидлаш жоизки, аксарият фуқароларимиз ит сақлаш қоидаларига риоя қилишмайди, итларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб, қутуриш касаллигига қарши эмлатишмайди.

Итлар тишлашидан жабр тортаётганларнинг 80 фоизидан кўпроғи айнан эгали итларга тўғри келаётганлиги ҳам фуқароларимизнинг ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаётганликларидан далолат беради.

Баъзи фуқаролар уйларидаги ити касал бўлса ёки уни боқа олмаса, ёки бўлмаса бирор бир кишини тишласа, итларини кўчага хайдашади ёки яшаб турган жойидан узоқроқ жойга итни адаштириб келади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади.

Бу дайди итлар эса қутуриш касаллигининг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради.

Хозирги кунда, айниқса қишлоқларда белгиси бор ва эгаси калта ипда итини сайр қилдириб юрган фуқарони  кузатиш амри маҳол.

Итлар аксарият хонадонларда боғлиқсиз юришади, уларнинг эгалари бир айланиб келсин деб тунда кўчага ҳам чиқариб юборишади.

“Тишланиш” ларни 50 фоиздан ортиғи болаларга ва ўсмирларга тўғри келади. Ота-оналар болаларни итлар билан, айниқса кўчадаги дайди, қаровсиз итлар билан ўйнашларига, уларни уйга олиб келишларига зинҳор йўл қўймасликлари керак, зеро эътиборсизлик ва лоқайдсизлик сўнги пушаймонга айланмасин.

Кўчадаги қаровсиз, дайди итлар одамлар учун қутуриш касаллигининг асосий манбаи эканлигини унутмаслигимиз керак.

Ит вақти-бемаҳал ҳуриб, кишиларни безовта қилади. Бўшалиб кетган итлар эса, кишиларни қопиб олиши, турли жароҳатларга, касалликларга ва ҳатто қутуриш касаллигига чалинишига сабаб бўлиши мумкин. Ит баъзида одамлар учун “ажал” қуролига айланиб қолиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Одамни ит тишлаганида одам нафақат жисмоний, моддий ва маънавий зарарлар қўради, балки энг ёмони бу ҳолат ўлим билан тугайдиган қутуриш касаллигининг юқиш хавфини туғдиради.

Бу бедаво қутуриш касаллигидан сақланиш учун нималар қилиш керак? Жавоб оддий, фақат ҳар бир фуқаро қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича қуйидаги “Олтин қоидалар” га амал қилса бас:

— ит сақлаш қоидаларига  мунтазам амал қилиш;

— итларни ҳудудий ветеринария бўлимларида ўз вақтида хисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;

— эгасиз, дайди итларни пайдо бўлишига йўл қўймаслик;

—  ва ниҳоят ҳар бир инсон умрининг охиригача эсидан чиқармаслиги зарур бўлган асосий қоида бу — имкони борича ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш чораларини кўриш, борди-ю бирор бир ҳайвон тишласа, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ва қутуриш касаллигига қарши эмлатиш.

Юқорида зикр этилган тавсияларга амал қилинган тақдирдагина, биз даҳшатли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган қутуришдан ўзимизни  асраган бўламиз.